Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари билан бир қатор юқори лавозимларда тайинлов ва озод этишлар амалга оширилди.
Жумладан, Президент фармонига мувофиқ, Баҳодир Ҳамидович Ташматов Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Президент фармони билан Азизбек Исраилович Икромов Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланди. Аввалроқ унинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Президентнинг тегишли қарорларига асосан:
— Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилди;
— Даврон Абитович Назармуҳамедов Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилди.
— Ботир Баҳромович Қудратхўжаев Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири лавозимидан озод этилди;
— Рустам Мирзаевич Жўраев Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони лавозимидан озод этилди;
— Рустам Равшанович Мирзаев Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари лавозимидан озод этилди;
— Диёрбек Нематжонович Сатторов Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти шўба мудири лавозимидан озод этилди.


