Бугун, 20 август куни Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказилаётган тест имтиҳонлари тўлиқ якунланди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар қилди. [https://t.me/dtmuzb/5152] 8 август куни 2022-2023-ўқув йили учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бошланган эди. Тест синовлари 12 август куни Фарғона вилоятининг Сўх туманида, 17 август куни Самарқанд вилоятида, 19 август куни Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида, 20 август куни Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ўз якунига етди. “Давлат тест маркази тест синовларини ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этган барча ташкилотларга ва ходимларга ўз миннатдорчилигини билдиради”, — дейилади хабарда.