
Тадбиркор ўзининг facebook даги саҳифасида Virgin Galacticнинг космосга уюштирган саёҳати санасини фуқаролик космонавтикаси куни дея атади. Кузатувчиларини инсоният тарихидаги муҳим кун билан табриклаб, қуйидагиларни ёзиб қолдирди:
“Мен деярли барча болалигида космонавт бўлишни орзу қилган авлод вакилиман. Бу орзум ҳақида унутганимга анча бўлган экан. Кеча, Virgin Galacticнинг парвозини кузата туриб, ўғлим, “космосга учишни истармидингиз?”,- деб сўради. Очиғи, ўзимни йўқотиб қўйдим. Бу саволни менга чамаси 45 йиллардан бери ҳеч ким бермаган эди. Шу сабаб бироз эсанкираб қолдим. Беихтиёр хаёлан болаликка қайтдим. Юлдузлар аро сайр орзуси, ёш техниклар журналидаги фантастик ҳикоялар, Бойқонурдан навбатдаги ракета учишини пойлаб телеэкран қаршисида соатлаб ўтирганларим ёдимга тушди. Ва ўғлимга “ҳа, албатта космосга учишни истардим”,- дея жавоб бердим. Болаликда қачонки космос ҳақида орзу қилсам, қандайдир сайёрада, балки Ойдан туриб Еримизга қараётганимни тасаввур қилардим. Кечаги кун янги, фуқаролик космонавтикаси кунига айланди. Ишонаманки, барчамиз қалбан бироз космонавтмиз. Шундай экан, барчамизни байрам билан табриклайман.”


