АҚШ президенти Жо Байден Вилнюсдаги НАТО саммити олдидан Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўған билан суҳбатлашди, деб хабар берди Оқ уй. > «Улар НАТО етакчилари саммитда кўриб чиқиладиган қатор масалаларни муҳокама қилдилар, Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш > бўйича умумий мажбуриятни билдирдилар», — дейилади хабарда. Бундан ташқари, таъкидланишича, президентлар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни таҳлил қилган. Байден, шунингдек, Швецияни имкон қадар тезроқ НАТОга қабул қилиш истагини билдирган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Байден Украинанинг Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилиши масаласи фақат уруш тугаганидан кейин кўриб чиқилиши мумкинлигини айтган эди. Бунгача Байден АҚШ Украинага Шимолий Атлантика альянсига қўшилишни назарда тутмайдиган Исроилга ўхшаш хавфсизлик кафолатларини бериши мумкинлигини айтган.