Тошкент вилояти бўйича ДХХ бошқармаси ва вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳар МИБ давлат ижрочиси ўз мансаб ваколатидан суиистеъмол қилгани аниқланиб, жиноят устида қўлга олинди. 1989 йилда туғилган мансабдор шахс алимент қарздорига қўйилган чет элга чиқиш тақиқини олиб ташлаш эвазига 20 миллион сўм талаб қилган ва 13 миллион сўмни пора сифатида олаётганда ушланган.
Суриштирув давомида аниқланишича, давлат ижрочиси илгари ҳам ушбу “хизмат” учун фуқародан 450 АҚШ доллари ва 1 миллион 300 минг сўм олган. Ушбу ҳаракатлар жиноят иши очилишига сабаб бўлган.
Бекобод туман судининг ҳукмига кўра, МИБ ходими Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди ва 168-моддаси 3-қисми “в” банди бўйича айбли деб топилди. У 2 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва давлат ташкилотларида раҳбарлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.


