1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Бир ойда 14 та ўлим: ис газидан заҳарланишга кимдир жавобгарми?

Жорий йилда талабадан тортиб масжид имом-хатибигача, 63 ёшли кексадан то набираларгача ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳолатларнинг кўпайишига нима сабаб бўлмоқда? Одамларнинг ўзими ёки масъулларнинг масъулияцизлигими?

Бир ойда 14 та ўлим: ис газидан заҳарланишга кимдир жавобгарми?

 

Ҳар йили куз-қиш мавсумини ўзбекистонликлар электр энергияси ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар ила қарши олади. Йилнинг иссиқ кунларида рисоладагидек ёнган чироқлар ноябр ойларидан секин-аста ўча бошлайди. Қишлоқ аҳолиси эса табиий газдан умидини узади ва ўтин, кўмир каби ёқилғи захирасини ҳозирлайди. Қаҳратон кунларда одамлар уйларини иситиш учун қўлларидан нима келса, шуни қилади. Мақсад – қишдан эсон-омон чиқиб олиш. Афсуски, ҳамма ҳам баҳорнинг илиқ кунларига соғ-саломат етиб бормаяпти. 

 

Куни кеча Фарғонанинг Бувайда туманида уч кунлик келин-куёв ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди. Бундан бир йил олдин, айнан 2021 йилнинг ноябрь ойида ҳам худди шундай ҳолат кузатилганди: Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 3 ойлик келин-куёв ҳам заҳарлариш қурбони бўлган.

 

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилдан 2022 йилнинг май ойига қадар ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 нафар шахс турли даражада жароҳатланган.


Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг расмий сайтида жорий йил давомида ис газидан заҳарланиш бўйича кузатилган ҳолатлар статистикани топа олмадик (фақат эски йиллардаги ҳисоботлар мавжуд). Лекин ОАВда бу бўйича эълон қилинган материалларни кўриб, рақамлардан ёқа ушлайсан киши. 

 

Хусусан, 2022 йилнинг 14 январида Фарғонада 2 киши, 12 февралда Хўжаободда 1 киши, 14 февралда Асакада 3 киши, 22 февралда Қўштепада 1 нафар талаба қиз, 21 мартда Қўқонда масжид имом-хатиби (оила аъзолари билан 5 киши), 30 октябрда Бухоро туманида 1 киши, 6 ноябрда Форишда 3 киши (аёл ва 2 фарзанди), 13 ноябрда Урганчда 2 киши, 15 ноябрда Зарбдорда 3 киши (аёл ва 2 набираси), 20 ноябрда Қаршида 1 киши (ижарада яшаган қиз), худди шу куни Попда 3 киши ва 22 ноябрда Бувайдада 2 киши (келин-куёв) ис гази қурбонлари бўлишди. Демак, бизнинг ҳисобимиз бўйича, йил давомида умумий 28 киши ис газидан ҳалок бўлган. Ачинарлиси, биргина ноябрь ойида 14 кишининг вафот этгани. 

 

Хўш, бунга қайсидир ташилот жавобгарми? Нима учун бу сонлар кўпайса, кўпайяпти, лекин камаймаяпти? Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қачон ва қандай чора кўрилади? 

 

Айни шу масалада йил бошида, яъни 24 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йигирма олтинчи ялпи мажлис олдидан мажлиси бўлиб ўтганди. Унда “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси, хусусан, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокама қилинган. 

 

Сенаторларнинг қайд этишича, аввалги йилларда ўтказилган профилактик тадбирлар етарли даражада ўз самарасини бермаган. 

 

Йиғилишда миллий қонунчиликда ис гази чиқиши, уни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш, аҳолини муҳофаза қилиш, хусусан, заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш борасидаги муносабатларни ўзида ифода этувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳам тармоқда ижобий ўзгариш бўлмаётганлигига бир сабаб сифатида айтиб ўтилганди.

 

Хусусан, амалдаги қонунчиликда ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга масъул бўлган ваколатли давлат органи аниқ белгиланмаган. Натижада бу борада амалиётда тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.

 

Масала кўтарилган, ҳодиса сабаблари ҳам маълум, лекин бунга масъул орган ҳалигача йўқ. “Юқоридагилар” нимани кутишяпти? Қачонгача бу каби ўлимларга фақат одамларнинг ўзи айбдор бўлади?  Балки, “уйғониш вақти” келгандир?

 

Жавоҳирбек ТУРСУНОВ

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика