Бугун, 18 август куни “Бирлашсак, катта кучмиз” халқаро ёшлар форуми Фарғонада ўз ишини бошлади.
Аввал ОАВ вакиллари иштирокида “Фарғона ИЭМ” АЖга пресс-тур ташкил этилди. “Мозий ва ёшлар” Арт фестивали ҳамда “Ош чемпионати” форумнинг ёдда қоларли тадбирларидан бири бўлди.
Тадбир шартларига кўра “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи 9 та ИЭС ва ИЭМ жамоалари ўз стендларини ташкил этишган. У орқали миллий таомлар, либослар ва фольклор чиқишлар йўналишларида ўз ҳудудлари маданиятини намойиш этадилар. Вазирлик ва идоралар, фахрий энергетиклар ҳамда мутасаддилардан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир станция стенди билан яқиндан танишган ҳолда ғолибни аниқладилар.
18-22 август кунларига мўлжалланган форум дастурининг 1-куни “Иссиқлик электр станцияларини ривожлантиришнинг инновацион ечимлари” мавзусидаги илмий-техник конференция, “INNO-TPP” илмий-техник клубининг таъсис маросими, “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Энергетиклар марафони”, Футбол, Стол тенниси, Волейбол, Камондан ўқ отиш спорт мусобақалари, Қўқон шаҳри ва Риштон ҳунармандчилик маркази бўйлаб экскурсия ҳамда гала концерт билан якунланди.


