Марко Рубио Эрон билан музокаралар мураккаб кечаётганини, бироқ АҚШ келишувга эришишга уриняпганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтон геосиёсий масалаларни баъзан қарорларни диний қарашларга асосланиб қабул қиладиган етакчилар билан ҳам муҳокама қилишга тўғри келмоқда. Шунга қарамай, АҚШ музокараларга устувор аҳамият бермоқда.
Рубио Доналд Трамп Эрон билан келишувга эришишни маъқуллашини, аммо бундай битимни тузиш “жуда қийин” эканини таъкидлади. Шу билан бирга, агар дипломатик йўл билан натижага эришилмаса, АҚШ бошқа чораларни ҳам кўриб чиқиши мумкинлигини истисно этмади.
Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мажид Тахт-Раванчи эса BBCга берган интервьюсида Теҳрон санкцияларни юмшатиш масаласи муҳокама қилинса, муросага тайёр эканини билдирди. Унинг айтишича, музокараларнинг кейинги босқичи Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Эрон томони ўзининг 60 фоизгача бойитилган уран захираларини камайтириш имкониятини ҳам муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилган. Бу даража ядро қуроли яратиш учун зарур бўлган кўрсаткичга яқин ҳисобланади, бироқ Теҳрон ҳарбий мақсадларни инкор этиб келмоқда.
Томонлар ўртасидаги музокаралар узоқ йиллардан бери давом этмоқда. АҚШ аввал Эроннинг ядровий дастури туфайли санкциялар жорий қилган, Теҳрон эса санкциялар бекор қилинмас экан, тўлиқ келишувга эришиш қийинлигини таъкидламоқда.


