Dili.me тахаллуси билан танилган Дилшод Ўрозбоев озодликка чиқарилди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Kun.uz” нашри ёзмоқда. Маълум қилинишича, блогерга нисбатан суд томонидан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги санкция унинг адвокати томонидан киритилган апелляция шикоятидан сўнг юқори турувчи суд ажрими билан ўзгартирилган ва у озодликка чиқарилган. Эслатиб ўтамиз, Dili.me шериклари билан биргаликда бир йигитни калтаклаб, унга тан жароҳати етказгани учун қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош прокуратура бу маълумотни тасдиқлаб, ҳодиса 23 январ куни содир бўлганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан Яшнобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича гумонланувчи бир неча маротаба чақиртирилишига қарамасдан терговга келишдан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида вайнер 10 март куни ушланиб, терговга жалб қилинганди. Калтакланган шахс 24 яшар эркак бўлиб, у вайнернинг куёви (синглисининг турмуш ўртоғи) ҳисобланади. Низога ўртада оилавий келишмовчилик сабаб бўлгани айтилмоқда. Можаро айнан ниманинг ортидан келиб чиққани маълум эмас.