1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

БМТ Афғонистонни зилзиладан кейин қайта тиклаш харажатларини ҳисоблаб чиқди

7 ва 11 октябрь кунлари Афғонистон ғарбида содир бўлган зилзилалар натижасида 43 мингдан ортиқ одам жабр кўрган.

БМТ Афғонистонни зилзиладан кейин қайта тиклаш харажатларини ҳисоблаб чиқди

 

Афғонистоннинг октябрь ойида юз берган зилзилалардан зарар кўрган ҳудудларини тиклаш учун салкам 94 миллион доллар керак бўлади.

 

Ушбу маблағдан донорлар ва жамғармалар мос равишда 15,5 миллион ва 10 миллион доллар беришга рози.

 

7 ва 11 октябрь кунлари Афғонистон ғарбида содир бўлган зилзилалар натижасида 1500 киши ҳалок бўлган (маҳаллий ҳукумат аввалроқ қурбонлар сони 2,4 мингдан ошганини хабар қилган эди) ва 2 мингга яқин киши жароҳат олган.

 

Зилзиладан у ёки бу даражада 43 мингдан ортиқ одам жабр кўрган, 3330 дан ортиқ уй вайрон бўлган.

 

Энг кўп зарар кўрган ҳудуд Ҳирот вилоятининг Инжил туманидир. У ерда жабрланганларнинг 23 мингга яқини яшайди (жабрланганларнинг 53 фоизи).

 

БМТнинг Афғонистондаги гуманитар масалалар бўйича координатори вазифасини бажарувчи Даниел Эндрес сув таъминоти тизимлари ва қудуқларга жиддий зарар етганини маълум қилди.

 

Эндреснинг айтишича, вайрон бўлган иншоотлардан катта миқдорда чиқиндилар тўпланиши сувнинг ифлосланишига ва касалликларнинг тарқалишига олиб келиши мумкин. Мамлакатда кечалари совуқ тушмоқда, бироқ уйлари бузилган одамлар бинолар қулаб тушишидан қўрқиб, кўчаларда ухлаяпти, дея қўшимча қилади БМТ вакили.

 

7 октябрь куни Афғонистон ғарбида 6,3 магнитудали иккита зилзила содир бўлди. Биринчи кунги зилзиладан асосан Ҳирот вилоятининг тўртта қишлоғи зарар кўрган. 11 октябрь куни мамлакатда яна 6,3 магнитудали зилзила қайд этилди.

 

Хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон Афғонистоннинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудларига инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Ўзбекистон 100 тонна гуманитар ёрдам юборди. Қозоғистон салкам 1700 тонна озиқ-овқат, чодир, кўрпа-тўшак ва кийим-кечак совға қилди. Туркманистон ҳукумати биринчи навбатда афғон болалари учун дори-дармон ва биринчи тиббий ёрдам воситалари, тўқимачилик маҳсулотлари ва озиқ-овқатдан иборат инсонпарварлик ёрдами юборилгани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, Тожикистон ҳукумати жабрланган афғонларга инсонпарварлик ёрдами жўнатиш ниятида эканини маълум қилган.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика