БМТ Бош Ассамблеяси АҚШ эътирозларига қарамай, сунъий интеллектнинг глобал таъсири ва хавфларини ўрганишга қаратилган мустақил илмий панелни тузиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. Қарор 117 та овоз билан маъқулланди, икки давлат қарши чиқди, яна икки давлат бетараф қолди.
Янги панель 40 нафар халқаро мутахассисдан иборат бўлиб, улар уч йил давомида сунъий интеллектнинг технологик ривожланиши, иқтисодиётга таъсири, ахлоқий масалалар ва ижтимоий оқибатларини холис баҳолаш билан шуғулланади. Мутахассислар 2600 дан ортиқ номзодлар орасидан БМТнинг тегишли ташкилотлари, жумладан Халқаро телекоммуникация иттифоқи ва ЮНEСКО иштирокида ўтказилган мустақил танлов орқали сараланган.
БМТ Бош котиби Антонио Гутеррес ушбу қарорни олқишлаб, уни сунъий интеллектни глобал миқёсда чуқур илмий тушунишга хизмат қиладиган муҳим қадам деб атади. Унинг таъкидлашича, панель барча давлатларга сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши шароитида мустақил илмий таҳлиллар ва асосли тавсиялар тақдим этади.
Панель таркибига сунъий интеллект, маълумотлар илми, юқори самарали ҳисоблаш ва тилшунослик соҳалари мутахассислари, шунингдек журналистика вакиллари киритилган. Улар орасида Нобел тинчлик мукофоти совриндори Мария Ресса ҳам бор.
Шу билан бирга, АҚШ ушбу ташаббусга қарши чиқди. АҚШнинг БМТдаги вакиллари панель БМТ ваколатларидан ташқарига чиқиши мумкинлиги ва сунъий интеллектни бошқариш миллий даражада ҳал қилиниши кераклигини таъкидлади. АҚШ вакиллари, шунингдек, панель таркибини шакллантириш жараёнида шаффофлик масалалари юзасидан ҳам хавотир билдирган.
Мазкур панель БМТнинг янги технологияларни глобал миқёсда мувофиқлаштириш ва сунъий интеллектнинг инсониятга таъсирини чуқур ўрганиш бўйича кенгроқ ташаббусининг бир қисми ҳисобланади. Панель ўзининг илк ҳисоботини 2026 йил июль ойида ўтказилиши режалаштирилган глобал сунъий интеллект бошқаруви форумига тақдим этиши кутилмоқда.
