БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россия ва Хитой томонидан илгари сурилган, Эрон ядровий келишуви (JCPOA)ни узайтириш ва санкцияларни олти ойга кечиктиришни назарда тутган резолюцияни қабул қилмади. Натижада, шу ҳафта охирида Эронга қарши илгари бекор қилинган БМТ санкциялари яна кучга кириши маълум қилинди. Буюк Британиянинг БМТдаги доимий вакили Барбара Вудворд бу қарорни тасдиқлади.
Мазкур жараён “snapback” механизми орқали амалга оширилмоқда. Унга кўра, агар Эрон ядровий келишув шартларини бузса, барча халқаро санкциялар автоматик тарзда тикланади. Аввалроқ E3 давлатлари — Буюк Британия, Франция ва Германия — БМТга мурожаат қилиб, агар Эрон инспекторлар фаолиятини тикласа, санкцияларни кечиктириш мумкинлигини билдирганди. Бироқ бу ташаббус ҳам самара бермади.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қарорини “ноқонуний” деб атар экан, уни бекор қилишга чақирди. У, шунингдек, санкциялар тикланса, мамлакат Атом Энергия Агентлиги (IAEA) билан тузилган айрим келишувларни қайта кўриб чиқиши мумкинлигини билдирди. Ароқчи халқаро ҳамжамиятни огоҳлантириб, “ҳарбий зарбалар муваффақиятсиз бўлди, snapback ҳам муваффақиятсиз бўлади”, дея таъкидлади.
Халқаро миқёсда ҳам турли муносабатлар билдирилди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу БМТни Эроннинг ядровий салоҳиятини кучайтиришига йўл қўймасликка чақирди. Франция президенти Эммануэль Макрон эса дипломатик ечим тарафдори эканини айтиб, Эрон билан музокараларни жонлантириш зарурлигини таъкидлади.
Мутахассислар фикрича, санкцияларни қайта тикланиши Эрон иқтисодиётига жиддий зарба бўлиши мумкин. Мамлакатда инфляция юқори, миллий валюта қадрсизланмоқда ва аҳолининг асосий истеъмол маҳсулотларига эҳтиёжи ортиб бормоқда. Шу боис, БМТ қарори нафақат халқаро сиёсат, балки Эрон ички ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.


