БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ташкилот жиддий молиявий инқироз хавфи остида қолаётганини маълум қилди. Унинг огоҳлантиришича, агар вазият ўзгармаса, БМТ маблағлари 2026 йил июль ойига бориб бутунлай тугаши мумкин. Бу ҳақда The Business Standards нашри хабар берди.
Reuters кўрган мактубда Гутерриш инқироз чуқурлашиб бораётгани, бу эса муҳим дастурлар ва ташаббусларнинг амалга оширилишига таҳдид солаётганини таъкидлаган. Унга кўра, аъзо давлатларнинг мажбурий бадалларни тўламаслиги ҳамда сарфланмаган маблағларни қайтаришни талаб қилувчи бюджет қоидалари вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Бош котибнинг қайд этишича, БМТнинг энг йирик молиявий ҳиссадори бўлган АҚШ сўнгги йилларда ажратмаларни кескин қисқартирган. Хусусан, 2025 йилда АҚШнинг БМТ ва унинг агентликларига тўловлари 3,3 миллиард долларгача камайган, бу эса ташкилот умумий молиялаштиришининг қарийб 15 фоизини ташкил этади.
Гутерриш аъзо давлатларни икки йўлдан бирини танлашга чақирди: мажбурий бадалларни тўлиқ ва ўз вақтида тўлаш ёки БМТнинг молиявий қоидаларини тубдан ислоҳ қилиш. Акс ҳолда, у “яқин келажакда молиявий коллапс хавфи янада кучайишини” таъкидлади.


