Озарбайжон Арманистон билан Тоғли Қорабоғ бўйича музокаралар олиб бормоқда. Тинчлик шартномаси лойиҳаси Ереванга топширилди. Бу ҳақда Озарбайжон Президентининг махсус топшириқлар бўйича вакили, элчи Элчин Амирбеков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, музокаралар икки давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ўзаро ҳурмат қилиш тамойилига асосланади.
Амирбековнинг фикрича, Тоғли Қорабоғнинг арман аҳолиси вакиллари билан мулоқоти ҳам тинчлик шартномасини тузишга хизмат қилади.
Элчи Қорабоғдаги арман аҳолисининг реинтеграцияси Озарбайжоннинг ички иши эканлигини ва бу масалаларнинг Арманистонга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади.


