8 декабрь куни Боку Конгресс марказида “ОIС Маданий Фестивали: Baku Creative Week – 2025”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Озарбайжон Республикаси расмийлари, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар делегациялари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, ижодий саноат етакчилари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.
Маросимда сўзга чиққанлар фестивалнинг асосий мақсадлари — минтақада маданий алмашувни кучайтириш, ижодий соҳаларни қўллаб-қувватлаш ва креатив иқтисодиётни ривожлантириш эканини таъкидладилар. Ушбу платформа янги халқаро ҳамкорликлар, қўшма лойиҳалар ва инновацион ташаббусларга кенг йўл очиши қайд этилди.
Дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан меҳмонлар ташриф буюрган нуфузли анжуманда Ўзбекистон маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Фестиваль дастури кино, дизайн, мусиқа, анимация, технология ва бошқа йўналишларда панель муҳокамалари, тақдимотлар, нетворкинг учрашувлари билан бойитилган.
11 декабрга қадар кўргазмалар, кинонамойишлар ҳамда мастер-класслар ўтказилиши режалаштирилган.
“ОIС Маданий Фестивали: Baku Creative Week – 2025” ОИСга аъзо мамлакатлар ўртасида маданий мулоқотни ривожлантириш, инновация ва ижодкорликни бирлаштиришга хизмат қилувчи муҳим халқаро майдонга айланмоқда.


