Пенсия жамғармасининг маълумотига кўра, “Болалар нафақаси” ва моддий ёрдам пуллари оиланинг жами аъзолари топадиган даромадига боғлиқ.
Бунда оила аъзоларининг барча расмий даромадлари, шунингдек, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад, оила аъзоси номида мавжуд бўлган кўчмас мол-мулк ва автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар умумлаштирилади.
Мазкур жамланган маълумотлар ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасига қадар “Ягона реестр” АТ томонидан автоматлаштирилган (электрон) тарзда идоралараро ҳисоб-китоб қилинади.
Шуни инобатга олиш керакки, “Ягона реестр” АТ томонидан бажариладиган электрон ҳисоб-китоб жараёнида оиланинг уч ойлик даромад пули олинади. Мазкур суммалар қўшилиб, учга бўлинади. Ана шундан кейин чиққан йиғинди оилада яшовчи ҳар бир аъзога тенг тақсимланади.
3 ойлик сумманинг ҳисобланишидан мақсад, ойлик тушум барқарор бўлмаслиги инобатга олинганидир. Бунда “уч ойлик ҳисоб-китоб” “болалар пули”га ариза топширилган санадан бир ой орқага сурилади ва шундан бошлаб ҳисоблабланади. Масалан, ариза январда берилган бўлса, унда ҳисоб-китоблар учун сентябрь-октябрь-ноябрь ойлари олинади.
Тизимда белгиланганидек, “Болалар нафақаси”га чиқиш учун оиланинг ойлик кирим пули хонадоннинг ҳар бир аъзоси учун 393 827,1 сўмдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Яъни бир оилада уч нафар шахс яшаса ва улар ойига умумий 1,5 миллион сўм пул топса, бу оилага “Болалар пули” берилмайди. Шунингдек, уларга шу тартибдаги моддий ёрдамлар ҳам тайинланмайди.
Айтайлик, бир оиланинг 4 нафар аъзоси бор. Эр-хотин ва 2 нафар фарзанд. Фарзандларнинг бири ҳали 3 ёшга тўлмаган, масалан, ҳали 8 ойлик.
Ушбу оила “Болалар нафақаси” учун 2021 йил 7 сентябрда ариза билан мурожаат қилди. Хонадоннинг ягона боқувчиси бўлган эркак киши учун ҳисобланган иш ҳақи миқдорлари 2021 йил май ойида – 1 100 000 сўм, июнда – 1 000 000 сўм, июлга келиб 1 200 000 сўм деб кўрсатилди. Жами сумма – 3 300 000 сўм . Йиғинди 3 га бўлинади. Маълум бўладики, ўтган 3 ойнинг ҳар бирига 1 100 000 дан даромад тушган. Энди бу пул оиланинг 4 нафар аъзосига тақсимланади. Натижада хонадоннинг ҳар бир аъзоси учун 275 000 сўмдан тўғри келгани аниқланади.
Мазкур оила “болалар пули” ва шунга ўхшаш моддий ёрдамлар олиши мумкин.
“Болалар пули” “тўғрилаш” учун ариза топшираётган оилалар мана шу тартибда даромад суммаларини ҳисоб-китоб қилиши лозим. Шундагина тушунмовчилик юз бермайди.
Аввалроқ “Болалар пули” бола сонига қараб белгиланган ва бу қандай тартибда амалга оширилиши, кам таъминланганлар рўйхатига киритилганларга имтиёз белгилангани ҳамда Ёшларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев


