2025 йил 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026–2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш жараёнига замонавий ахборот технологиялари жорий этилади. Шу мақсадда ягона рақамли платформа ишлаб чиқилади. Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар, шунингдек зўравонлик содир этган ёки бунга мойил бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар жамланади ва идоралар ўртасида алмашилади.
Мазкур платформа ягона диспетчерлик хизмати орқали “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграция платформаси асосида “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими билан боғланади.
Натижада болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича ягона статистика ҳисоби ва ҳисобот юритилади, маълумотлар статистика органларига тақдим этилади ҳамда ҳар бир ҳолат юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар босқичма-босқич мониторинг қилинади.
Бу эса зўравонликнинг олдини олиш, тезкор чоралар кўриш, ресурсларни самарали тақсимлаш ва болалар хавфсизлигини таъминлаш тизимининг шаффофлигини оширишга хизмат қилади.


