Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида прокуратура органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида бош прокуратура ҳайъатининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда маълум қилинишича, прокуратура органлари томонидан ўтган ярим йилда аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари 91 мингдан ортиқ назорат ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этилган, 225 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 1,3 трлн сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.
Қайд этилишича, ёқилғи-энергетика соҳасида ўтказилган 113 мингта рейд тадбирлари давомида, 31 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 327 млрд сўм зарар ундирилган.
Бундан ташқари, прокурор назорати тадбирлари давомида давлат дастурларига киритилган 6 003 та объектни ўз муддатида фойдаланишга топширилиши, 1,4 трлн сўм маблағлар тежалиши, 27,5 млрд сўмлик бюджет пуллари талон-торож қилинишининг олди олиниши таъминланган.


