Британия ҳукумати Бирмингем шаҳрида бир ойдан ортиқ давом этаётган чиқинди инқирозига қарши курашишда ҳарбий кучлардан ёрдам сўради. Тҳе Даилй Телеграпҳ нашрининг ёзишича, бош вазир ўринбосари Анжела Райнер қуролли кучлар ёрдамига мурожаат қилишга қарор қилган. Айни пайтда шаҳарда 17 минг тоннага яқин ахлат кўчаларда тўпланган.
Ҳарбийлар чиқиндини тўплашда бевосита иштирок этмайди. Уларнинг вазифаси оператив режалаштириш ва логистика соҳасида моддий-техникавий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлади. Нашр манбаларига кўра, агар вазият янада оғирлашса, ҳарбийлар сони кўпайтирилиши мумкин.
Бирмингемда чиқинди йиғувчилар 11 мартдан бери иш ташламоқда. Маълумотларга кўра, иш ташлашга чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш мутахассисларига иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ келишмовчиликлар сабаб бўлган. Шаҳар ҳокимияти мазкур лавозимни “саноат стандартига тўғри келмайди” деб баҳолаган, касаба уюшмалари эса бу қарор 170 нафар ходимнинг иш ҳақидан маҳрум бўлиши ва бошқаларнинг ҳам маоши камайишига олиб келишидан хавотирда. Айни пайтда, 1,2 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарда санитария ва саломатлик билан боғлиқ фавқулодда ҳолат юзага келмоқда.


