Уч йил аввал Ички ишлар вазирлиги тизимида ташкил этилган Кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг фаолияти ҳанузгача сезиларли натижа бермаётгани қайд этилди.
Маълум қилинишича, ўтган йили пойтахтда кибержиноятлар сони 16 мингдан ошган. Ушбу жиноятлар оқибатида фуқаролар қарийб 2 триллион сўм моддий зарар кўрган бўлсада, уларни фош этиш даражаси 8 фоизга ҳам етмаган.
Қайд этилишича, жиноятчилар банк тизимидаги мавжуд бўшлиқлардан, аҳолининг ишонувчанлиги ҳамда технологик саводхонлик етишмаслигидан фаол фойдаланмоқда.
Давлат раҳбари Ички ишлар органлари ва прокуратура тизимига ушбу йўналишда барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилганини эслатиб, мутасаддилар олдига қатъий савол қўйди:
“Бу йўналишда барча масалаларни ҳал қилиб берганман. Қани натижа? Банк ва тўлов ташкилотларида ҳимоя тизимларини жорий этиш қачон якунланади?” — деди Президент.


