6 сентябрь куни «Оҳангарон–Пунгон» магистраль газ қувурининг тоғли ҳудуддан ўтувчи қисмида қурилган 22 километрли қўшимча тармоқ ишга туширилди. Монтаж ишлари якунлангач, водий вилоятларида газ таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда.
Соат 20:00 дан бошлаб Андижон вилоятида, 21:00 дан эса Фарғона ва Наманган вилоятларида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (AGTKSh) ҳамда йирик истеъмолчилар учун метан гази етказиб берилиши қайта йўлга қўйилади.
Мазкур лойиҳа «Қамчиқ» довонидан ўтувчи диаметри 1,2 метрли асосий газ қувурига қўшимча имконият яратиб, водий аҳолиси учун барқарор газ таъминотини кафолатлашга қаратилган.
Мутахассислар янги қувур орқали водийга етказиб бериладиган табиий газ ҳажми ортиши кутилаётганини, бу эса аҳолининг ҳам, йирик корхоналарнинг ҳам истеъмолини қондиришга хизмат қилишини таъкидламоқда.


