2 февраль куни Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган замонавий инвестиция лойиҳалари қурилишига тамал тоши қўйилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантриш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бухоро вилояти Когон тумани «Гулистон» МФЙ ҳудудида Хитой Халқ Республикасининг Wangneng Environment компанияси билан биргаликда йилига 547,5 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва 230 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга завод барпо этилади.
Лойиҳа қиймати 140 млн АҚШ доллари бўлиб, ишга туширилганда 150 янги иш ўрни яратилади.
Сурхондарё вилояти Ангор тумани «Баҳор» МФЙ ҳудудида эса Хитой Халқ Республикасининг CHSET компанияси билан йилига 438 минг тонна чиқиндини қайта ишлаш ва 75 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга завод барпо этилади.
Лойиҳа қиймати 150 млн АҚШ доллари бўлиб, ишга туширилганда 150 янги иш ўрни яратилади.
Ушбу лойиҳалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни полигонларга жойлаш ҳажмини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш каби мақсадларга хизмат қилади. Заводлар 2028 йилда ишга туширилиши ва 30 йил давомида фаолият юритиши режалаштирилган.
Жараёнда инвесторлар, вилоят ҳокимлари, агентлик раҳбарияти, ҳудудий бошқармалар, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида қурилиш ишлари давом этмоқда, келгусида Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида ҳам лойиҳалар амалга оширилади.


