ChatGPT’да ёзилган суҳбатлар айрим ҳолларда суд жараёнларида далил сифатида ишлатилиши мумкин. Бу ҳақда OpenAI бош директори Сем Алтман Business Insider нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Алтманнинг айтишича, ChatGPT билан бўлиб ўтган ёзишмалар терапевт, шифокор ёки адвокат билан суҳбатлар каби қонуний ҳимоя остида эмас. “Агар сиз энг шахсий масалаларингизни ChatGPT билан муҳокама қилсангиз ва кейинчалик суд жараёни бўлса, биздан бу маълумотларни тақдим этиш талаб қилиниши мумкин. Бу нотўғри, деб ҳисоблайман”, — деди у.
OpenAI раҳбари шахсий маълумотлар дахлсизлигини ҳимоя қилиш бўйича аниқ қонунлар зарурлигини таъкидлади. Ҳозирча бу борада қандай механизмлар жорий этилиши кераклиги очиқ қолмоқда.
Қайд этилишича, WhatsApp ёки Signal каби шифрланган мессенжерлардан фарқли равишда, OpenAI фойдаланувчи суҳбатларини кўриш имкониятига эга. Бу сунъий интеллектни ривожлантириш ҳамда нотўғри фойдаланишни аниқлаш мақсадида амалга оширилади. Фойдаланувчи томонидан ўчирилган суҳбатлар эса 30 кун ичида тизимдан бутунлай йўқ қилинади, бироқ шу давр ичида улар қонуний ёки хавфсизлик сабабли сақланиши мумкин.


