Президент Шавкат Мирзиёев наркожиноятчилик ва уюшган жиноий гуруҳларга қарши курашишда наркоканалларнинг охирги манбалари ҳамда уларни молиялаштираётган шахсларгача етиб бориш борасида масъул идораларда қатъият етишмаётганини кескин танқид қилди.
Таъкидланишича, пойтахтда наркожиноятлар сони 4 мингдан ошган. Фош этилган 112 та уюшган жиноий гуруҳ томонидан жами 1 минг 300 дан ортиқ жиноят содир этилган.
Шу билан бирга, мазкур жиноятлар учун айбдор деб топилган шахслар жазони тўлиқ ўтамасдан, ҳатто ярмини ҳам ўтмай озодликка чиқаётгани қайд этилди. Натижада, наркожиноятларни такрор содир этганлар сони сўнгги уч йил ичида 125 фоизга ошган.
Президент Администрацияси мазкур масалага бевосита шуғуллана бошлагач, ижобий ўзгаришлар кузатилгани билдирилди. Хусусан, сўнгги уч ой давомида республика бўйича қарийб 50 та йирик наркогуруҳ фош этилиб, ярим тоннага яқин гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Давлат раҳбари, шунингдек, чет давлатларда ҳам айрим фуқароларимиз уюшган жиноий гуруҳлар тузиб, ватандошларига нисбатан товламачилик, зўравонлик ва ноқонуний босимлар ўтказаётгани, бу ҳолатлар мамлакатимиз обрўсига путур етказаётганини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, ўтган йил давомида чет элда оғир аҳволга тушиб қолган 3 минг 700 нафар Ўзбекистон фуқароси юртимизга қайтарилган. Шунингдек, 192 нафар фуқаро одам савдоси қурбони бўлган.


