Ҳукумат қарори билан оширилган тўлов ставкалари бўйича бериладиган I, IA, IE, IАE, III, IIIA, IIIE, IIIАE типидаги автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг рўйхати янгиланди.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 июлдан аукцион савдолари орқали сотилиши белгиланмаган, ҳарфлари бир хил комбинацияда бўлган 680 жуфт давлат рақами белгилари 6-тоифага доир бошланғич нархда аукцион савдоларига қўйилади.
Шунингдек, автомобиль бошқа шахсга ўтказилганда унинг оширилган ставкада олинган «чиройли рақами» йўл ҳаракати хавфсизлиги органларида 12 ойга сақланиши мумкин. Ундан кейин яна 12 ойга сақлаш учун БҲМнинг 1 баравари (330 минг сўм) миқдорида пул тўланади.
Маълумот учун, илгари қўшимча 12 ой сақлаш тартиби бўлмаган, 12 ойдан кейин «чиройли рақам» олиб қўйилган.


