Р.S.: Эътиборингизга ҳавола этилаётган туркум мақолалар ўз жонини хатарга қўйиб, элу-юрт тинчлиги йўлида жон тикиб, хизмат қилаётган, Шунингдек, “Меҳр” инсонпарварлик операцияси доирасида жонбозлик кўрсатган тинчлик посбонларига бағишланади. Zamon.uz сайти Сизларни 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни билан чин дилдан табриклайди!
Ортга қайтариб бўлмас кунлар алами жуда аччиқ бўлади. Қани энди кўз ёшлар ортга қайтара олсаю, кошки Амина уруш кўрмай улғайса. Унинг болалик хотираларида қурол, ҳарбий техника, портлашлар, урушнинг қора рангли тасвири муҳрланиб қолган.
Амина Мадраҳимова 2005 йилда Андижон вилоятида туғилган. 9 йил Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудида яшаган. Қизалоқнинг беғубор болалиги бой берилди.
Бир кунда жигарбандини бедарак йўқотган она қисмати
— Аминанинг дадасига 2004 йилда турмушга чиққанман. 2005 йил январь ойида қизли бўлганмиз. Турмушимиз узоққа бормай, уч йилда ажрашиб кетганмиз. Мени қаттиқ ургани учун, ярашмаганман. Амина 5 ёш эди. Бир куни боғчада йўқолиб қолди. Боғча опаси дадасига бериб юборган экан. Аввалига Андижондан, сўнг Тошкентдан изладим... Орадан беш йил ўтиб, қизимни Туркиядалигини билдим. Амина телефон қилиб: “ойи, келинг, биз Туркиядамиз”, деди. Қарз-ҳавола қилиб, боламни соғинганимдан, топилганидан қувониб, Истанбулга бордим. У ерда мени бошқа одамлар кутиб олди. Амина йўқ эди.
Умид учқунлари сўнгандан кейин халқаро қидирувга берилган Амина Халқаро террористик ташкилотларга аъзо бўлган отасининг қўлидан тутиб, Туркиядан Сурия чегарасига ўтиб бўлганди.
— Мени кутиб олганлардан боламни сўрасам, Сурияга кетганини айтишди. Бир ой ноилож ўша уйда турдим. Умид билан боламни кутдим... Улар мени ҳам Сурияга олиб кетишмоқчи бўлди. Аммо мен истамадим.
...10 йил юрагимни емириб келган армонлар бир кун ниҳоясига етишини билардим. Бир куни уйимизда бир одам келиб, Амина ҳақида сўроқ қилди. Уни 2015 йилгача Туркияда, кейин эса Сурияда уруш ичида яшаётгани, уни олиб келишаётганини айтишди. Роса йиғладим.
Аминанинг Қочқинлар лагеридаги аянчли қисматига “Меҳр” операцияси якун ясади. Уни ёвузлик чангалидан олиб келди.
Болалигим барбод бўлди...
— Дадамга жуда кўп айтардим: бундан кўра Меҳрибонлик уйида ўсганим яхши эди, деб. Чунки дадам ёш гўдак (мен)ни онасидан айирган.
Ҳаётимнинг ҳамма куни оғир ўтган. Болалигимни эсласам, эсда қоларли яхши куним бўлмаган. Туркияда ҳам яшадик. У ерда бирор марта ҳам рўмол ўрамаганман. Дадамни танишлари: қизинг бундай юрмасин, бошига рўмол ўрат. У ёқда бундай юролмайди, деб айтишган. Шунда дадам: у ёққа борса, ўрайверади, деб айтганди. Кейин рўмол ўраб кетдим. Туркияда мадрасада ўқидим.
Ўшанда ота меҳрига ташна қизалоқ отаси ўз қўли билан урушга етаклашини қаердан билсин?
— Дадам бу боғча ёшидаги қиз, онасини унутади, деб ўйлаган, шекилли. Аммо мен онамни унутмадим. Юрагимда яшадилар.
Мен дадамга “сизни кечирмайман, сиз мени онамдан айирдингиз, ўз қизизга шундай кунларни раво кўрдингиз”, десам мендан кечирим сўраб, йиғлаган. Негадир, дадамни соғинмайман, кўп эсламайман ҳам.
Болалигим барбод бўлди...
Хавф остида ўтган ҳаёт жароҳатсиз бўлмайди. Жанг майдонларидаги миналар Аминанинг юзида ҳам чандиқ қолдирган.
— Минани босиб олганман. Бу еримдан кириб, бу еримда тиқилиб қолган (қизалоқ иягининг ўнг томони ва чанг қошига ишора қилди). Бир қулоғим мияга улаб ичидан тикилган...
Отаси қамоққа олинган қизалоқни уруш даҳшатлари улғайтириб қўйди
— Аввал қамашди, деб айтишди. Кейин ўлдириб юборишганини эшитдим, дадамни.
10 йил она меҳрини ҳис этмаганим учун онам келиб қучоқлагандилар, ғалати бўлиб кетдим. Она меҳрини тушунмаганим учун, тўғри, бошида қийин бўлди. Аммо ҳозир уларни йўқотиб қўйишдан жуда қўрқаман.
Унинг ўгай оналаридан бири чақалоғини дунёга келтирибоқ, вафот этганини эшитганлар гўдакни 10 ёшли Аминанинг қўлига тутқазди. Бола бўлиб бола боқишга мажбур бўлди.
Оддий овқат, нон, сув ва дори-дармонга зор бўлиб яшаш. Амина Сурияда очлик балоси билан бирга ўша гўдакнинг қорнини тўйдириш, иккисига бошпана топиш каби машаққатлар билан ёлғиз курашди.
Бола бўлиб бола боққан қизалоқ
— Заҳро! Исмини эшитсам йиғлайман. Заҳронинг ойиси дадамнинг хотини эди. У боласини кўрмай, вафот этган. Кейин бола “дом”ларни тагида қолиб кетган. Аввал уни ҳеч ким билмаган. 15 кунлардан кейин бола, сизларники, дейишиб одамлар олиб келиб беришган. Ўзим “каша” бериб боққанман. У касал эди. Онасидан 7 ойлик, чала туғилган. Шифохоналарда ўзим олиб ётганман. 5 ёшимдан мустақил — ўзим овқат қилиб, кирларимни юриб, ўзимга қараб юрардим.
Заҳрога кучли бўлишини тилардим. Нима бўлганда ҳам бошқа одамга эса, ўзга ишонишини, суянишини истардим. Оёққа туриб, ўзини эплаб кетсин.
Ич-ичимдан у катта бўлса, мени излаб келишини биламан. Чунки биз бир-биримизни яхши кўрамиз.
Онамдан йироқда отам билан яшадим. Аммо ота-она меҳрини кўрмай, ҳис этмай улғайдим. 9 тача ўгай онам бўлган. Бироқ улар билан чиқишолмаганман.
Барибир Ўзбекистон яхши. Тинч. Осуда. Фаровон.
Суриядаги низолари ҳозирги замон тарихида энг ёмон фожиани вужудга келтирди. Болалар ҳарф танимайди. Амина ҳам ана шу минглаб саводсиз қолган уруш болалари орасида билимсиз қолганди. У ҳозир мактабга қабул қилинган. Тенгдошлари билан ўқимоқда. У келажакда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладигани адвокат бўлмоқчи.
ДХХ ва "Sevimli" телеканали ҳамкорлигида тайёрланган "Бир кафт тупроқ" лойиҳасидан ёзиб олинди.


