Андижон вилояти Асака туман адлия бўлими томонидан туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази ходимларининг мурожаатлари ўрганиб чиқилди.
Мурожаатда марказ ходимлари дам олиш, яъни шанба ва якшанба кунлари ҳам раҳбарият томонидан ишга жалб қилинаётгани, бироқ бунинг учун ҳеч қандай қўшимча маблағ тўланмаётганини билдириб, ойлик маошига қўшимча компенсация ундиришда амалий ёрдам сўрашган.
Уларнинг мурожаати туман адлия бўлими томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида марказнинг уч нафар ходими бир неча йиллардан буён дам олиш кунлари ҳам ишлаб келса-да, ҳақиқатан ҳам уларнинг иш ҳақларига қўшимча компенсация пуллари берилмасдан келаётганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, Меҳнат Кодексининг 157-моддасида иш вақтидан ташқари, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгиланган. Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 декабрдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ҳодимларини моддий рағбатлантириш шартлари ва тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 5-бандида ишдан ташқари вақтда ишга жалб этилгани учун тўловлар ҳамда бошқа пуллик компенсациялар уларнинг ойлик маошига қўшимча тарзда тўлаб берилиши кўрсатиб ўтилганлиги маълум бўлди.
Туман адлия бўлими томонидан уч нафар марказ ходимларининг уч йил давомида дам олиш кунларида ишлаганликлари учун ҳақ тўланиши бўйча фуқаролик ишлари бўйча Асака туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Мазкур даъво ариза суд томонидан кўриб чиқилиб, тегишли ҳал қилув қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, жавобгарнинг зиммасига марказ ходимларига жами 17 миллион 391 минг сўм қўшимча компенсация тўловларини тўлаб бериш мажбурияти юклатилди.


