Ижтимоий тармоқда Қарши давлат университетида дарсга беписанд бўлган талабага ўқитувчи мушт туширгани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан университет матбуот котиби Ойбек Юсупов расмий изоҳ берди.
Маълум қилинишича, видеода акс этган ҳолат 14 март куни, “Математика ва компьютер илмлари” факультетининг 2-курс талабаларига профессор Н.Дилмуродовнинг дифференциал тенгламалар фанидан амалий машғулот ўтаётган вақтида рўй берган.
Унда талабалардан бири огоҳлантириш берилишига қарамасдан дарсга эътиборсиз ва ёзмасдан ўтирган. Бу ҳолат домланинг асабийлашишига ва талабани туртишига сабаб бўлган.
“Олий таълим муассасаси талабасининг асосий мақсади билим олиш ва унга таҳсил бераётган устозларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳисобланади. Афсуски, юқоридаги ҳолатда талабанинг дарсга беписанд муносабати ўқитувчининг асабларини жиловлай олмаслигига олиб келди. Ҳолат раҳбарият томонидан назоратга олинди” — дейилади хабарда.


