Беш йилдан бери тасдиқланишини кутаётган давлат тили тўғрисидаги қонун лойиҳаси барча босқичларда ўтган эди, аммо президентнинг қонунни такомиллаштириш талаби билан Қонунчилик палатасига яна қайтариб юборган. Бу ҳақда Миллий тикланиш демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров матбуот анжуманида маълум қилди.
Қодиров давлат раҳбари томонидан қонун бўйича киритилган таклифлар жуда ўринли деб ҳисобламоқда. У хатто бу таклифларни олқишлагнини айтмоқда.
Депутат партия қонун бўйича биринчи ва иккинчи ўқишда кирита олмаган жиҳатлари борлигини тан олди.
“Давлат тили ҳақидаги қонун бугунги глобал чақириқлар ва аҳамияти яна ҳам ортиб бораётган бир пайтда давлат тили тўғрисидаги қонун замонавий таҳдидлар ва замонавий чақириқларга уйғун бўлишини талаб қилаётгани бизни янада қувонтиради”, — дейди Қодиров.
Қодиров бу қонун қачон тайёр бўлиши кераклиги ҳақида аниқ бир гап айтмаган. Унга кўра, партия қачон бу қонунни тайёр деб ҳисобласа партия ўзини таклифларини қўшади ва қонун лойиҳасини эълон қилади.
Унга кўра, давлат тили ҳақидаги қонун Ўзбекистон учун бугунги кунда зарурат ҳисобланади.
“Давлат тилини қонун билан ҳимоя қилиб бўлмайди. Тилга биринчи ўринда жамоатчилик муносабатини ўзгартиришимиз керак, давлат тилига ҳурматни ўзгартиришимиз керак. Давлат тилини ривожлантириши учун шароит яратиб беришимиз керак”, — деган Қодиров.


