Ўзбекистонда давлат харидлари тизимини янада очиқ ва рақобатбардош қилиш бўйича президент фармони имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, давлат харидларининг замонавий ва сервисга йўналтирилган экотизимини шакллантириш ҳамда ушбу соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 мартдан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида харид қилинаётган маҳсулот, иш ёки хизматнинг ўртача бозор нархини сунъий интеллект асосида ҳисоблаб берувчи электрон модул ишга туширилади. Шунингдек, 2026 йил 1 январдан айрим товарлар ва хизматларни харид қилишда “таклиф сўрови” номли янги рақобатли тартиб жорий этилади, тўғридан тўғри шартномалар рўйхати эса бекор қилинади.
Бундан ташқари, давлат харидларида назоратни кучайтириш мақсадида махсус “Давлат харидларида назорат” саҳифаси ишга туширилади. Унда хавф-хатарларни аниқлаш, ҳуқуқбузарликларни автоматик таҳлил қилиш ва буюртмачилар фаолиятини баҳоловчи “Харидларда КПИ” рақамли рейтинги жорий этилади. Вазирлар Маҳкамаси эса 2026 йилдан бошлаб йирик давлат корхоналари ва бюджет буюртмачиларининг харидлари бўйича ҳисоботларни ҳар чоракда танқидий муҳокама қилиб боради.


