Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан «Демократ.уз» интернет нашри раҳбари Меҳмонов Фазлидинхон Асатиллохон ўғли ҳамда блогерлик фаолиятини юритувчи Ғоипназаров Азиз Абдулла ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
ИИББ матбуот хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил 15 декабрь куни Ғоипназаров Сергели туманида жойлашган автосалонлардан бири фаолиятига путур етказувчи видеоматериал тайёрлаб, уни интернет тармоғида жойлаштирган. Шундан сўнг Меҳмонов ва Ғоипназаров мазкур видеони ижтимоий тармоқлардан ўчириш, шунингдек, тадбиркорни обрўсизлантирувчи бошқа видеоматериални оммавий ахборот воситаларида эълон қилмаслик эвазига жабрланувчидан товламачилик йўли билан жами 50 минг АҚШ доллари талаб қилгани аниқланган.
Маълум қилинишича, Меҳмонов жабрланувчидан 2026 йил 29 январ куни 3 минг АҚШ долларини олган. Шунингдек, 2026 йил 10 февраль куни 17 минг АҚШ долларини олаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


