Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида айрим туман ҳокимларининг бандлик ва маҳаллий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги фаолияти чуқур танқид қилинди. Таъкидланишича, бир қатор ҳудудларда кўзбўямачилик, самарасиз лойиҳалар ва бандлик дастурларига масъулият билан ёндашмаслик ҳолатлари давом этмоқда.
Йиғилиш давомида Бош вазирга Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ ва Когон туманлари ҳокимларига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш топширилди.
Шунингдек, маҳаллаларда лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштиришни жадаллаштириш мақсадида банк ходимлари бириктирилган бўлсада, айрим туманларда арзон давлат ресурслари самарасиз лойиҳаларга йўналтирилаётгани кескин танқид остига олинди. Мутасаддиларга жойларга тушиб, лойиҳалар сифатини ўрганиш, назоратни кучайтириш ва интизомни ошириш вазифалари юклатилди.
Узун тумани – намунавий тажриба сифатида эътироф этилди
Давлатимиз раҳбари Узун туманида олиб борилган ишларни ижобий мисол сифатида алоҳида қайд этди. Жорий йилда тумандаги 51 та маҳалла учун:
- 160 млрд сўм маблағ йўналтирилган,
- 70 млн доллар хорижий инвестиция жалб қилинган,
- 47 та корхона ишга туширилган,
- 300 та сервис объектида 1 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган,
- Узумчилик бўйича 9 та маҳаллада кооперация йўлга қўйилган,
- 2 мингдан ортиқ микролойиҳа орқали 4 200 нафар фуқарога даромад манбаи яратилган
Натижада Узун туманида камбағаллик даражаси йил бошидаги 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайган.
Денов ва Чироқчи туманларидаги сусткашлик танқид қилинди
Шу билан бирга, Узун туманига нисбатан 4,5 баробар кўп маблағ олган Денов тумани бу имкониятдан фойдаланмагани алоҳида таъкидланди. Камбағаллар реестрига киритилган 1 200 та оиланинг даромади ўзгармагани, туман ҳокимлиги ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани қайд этилди.
Худди шундай, Чироқчи туманига тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган 309 млрд сўм кредит ресурслари бўлишига қарамай, аҳолига қулай ва тайёр бизнес лойиҳалар таклифи шакллантирилмагани билдирилди.
Кадрлар бўйича Денов тумани ҳокими И. Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш. Тўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Ф. Юсупов, унинг биринчи ўринбосари З. Эргашев лавозимидан озод этилиши белгиланди.


