Бугун, 11 август куни Тошкент шаҳар судида С. Р. П. (эркак, 1972 йилда Ҳиндистонда туғилган, «Quramax Medikal» МЧЖ директори), С. К. (эркак, 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, бир вақтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК директори лавозимларида ишлаган) ва бошқаларга (жами 21 киши: «Quramax Medikal» МЧЖ ва «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК масъул ходимлари) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, [https://t.me/AzizAbidov/4125]судланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига «қамоққа олиш», 12 тасига «муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат» ва 2 тасига «гаров» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган. Қайд этилишича, улар Жиноят кодексининг 184, 28,186-3, 186-3, 25,205, 205, 207, 28,209, 209, 210, 211, 212, 228-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси М. Юсупов раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилмоқда. Маълумот учун, «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишида тасдиқланган айблов хулосасига кўра, содир этилган жиноятлар оқибатида 65 нафар ёш бола вафот этган.