Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонасида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда БААда вақтинча ишлаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз ҳозир бўлишди. Иштирокчилар мамлакатимизда ўзбек тили ва маданиятини юксалтириш борасида изчиллик билан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши тарихи билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойнаи ҳаёти — бу унинг миллий тили ва адабиёти эканлиги, уни ривожлантириб, келажак авлодларга безавол етказиб бериш бугунги авлоднинг зиммасида бўлиши қайд этилди.
Ўзбек тилининг ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиз давлат тили нафақат ўзбекистонликлар ҳаётида, балки жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллаётгани таъкидланди. Шу ўринда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хориждаги ватандошлар, уларнинг фарзандлари ва ўзбек тилини ўрганаётган чет элликлар учун махсус дарсликлар, бадиий адабиётлар, луғат ва қўлланмалар, видео ва аудио материаллар ишлаб чиқарилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари ўз чиқишларида сўнгги йилларда ўзбек тилининг халқаро мавқеий ошиб бораётганини айтиб ўтишди. Шунингдек, хорижий давлатларда она тилимизнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича ўз таклифларини билдиришди.


