Хитой Халқ Республикаси раиси саммит доирасида унга "Олий Даражали Дўстлик" орденининг топширилиши ўзбек халқининг хитойликларга чуқур дўстлик туйғусидан далолат эканини таъкидлади ва буюк шоир Алишер Навоийнинг «Ёр ўлинг бир-биринғизгаким, эрур ёрлиғ иш» ғазалидан иқтибос келтирди.
«Икки минг йил аввал Буюк Ипак йўли халқларимизни боғлаган. Биз бир-биримиздан фойдали нарсаларни олдик, бир-биримиздан ўргандик. Бундан 30 йил муқаддам дипломатик муносабатлар ўрнатилиши билан алоқаларимиз янада мустаҳкамланди. Энди эса Ўзбекистон Президенти билан мен халқларимизни умумий тақдирга боғлаш мақсадида янги даврда Хитой-Ўзбекистон ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга келишиб олдик», — дейди Си Цзиньпин.
Саммитда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳам иштирок этди. Ушбу тадбирдан сўнг ўз юртига жўнаб кетган Бош вазир ўзининг Твиттер'даги саҳифасида ўзбекистонликларга миннатдорчилик билдириб, ўзбек тилида пост ёзди.
“ШҲТ саммитида самарали икки ва кўп томонламан учрашувлар олиб бордик. Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдираман”,- дея ёзиб қолдирган Бош вазир.
Шунингдек, у "ШҲТ минтақамизда ишончли ва хилма-хил таъминот занжирларини ривожлантиришга ҳаракат қилиши керак", - деган фикрларни ҳам ёзиб қолдирган.


