АҚШнинг Мериленд университети тиббиёт марказида биринчи марта генетик модификацияланган чўчқанинг юрагини одамга кўчириб ўтказиш бўйича муваффақиятли операция ўтказилди. Бу ҳақда Ассоcиатед Пресс агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бемор 57 ёшли Девид Беннет исмли эркак бўлиб, унга даволаб бўлмайдиган юрак хасталиги ташхиси қўйилган. У бир нечта тиббиёт марказларидан трансплантация операциясини ўтказиш бўйича рад жавобини олган. Экспериментал процедура унинг сўнгги имконияти эди.
"Биринчи турдаги жарроҳлик амалиёти натижасида даволаб бўлмайдиган юрак хасталигига чалинган 57 ёшли беморга генетик модификацияланган чўчқа юраги муваффақиятли трансплантация қилинди, уч кундан буён унинг аҳволи яхши”, — дейилади хабарда. Шунингдек, беморнинг бир неча ҳафта шифокорлар назоратида бўлиши таъкидланган.
Шифокорлар келажакда бундай операциялар донор органларнинг етишмаслиги муаммосини ҳал қилишини таъкидламоқда. Нашр маълумотларига кўра, бугунги кунда Қўшма Штатларда 110 мингга яқин одам аъзоларни кўчириб ўтказиш учун навбатда турибди, улардан олти мингга яқин бемор ҳар йили операцияни кутмасдан вафот этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 56 ёшли АҚШ фуқароси юрагидан ўн сантиметрлик цемент олиб ташлангани ҳақида хабар берилганди.


