Тошкент шаҳрини молия, илғор технологиялар, маданият ва туризм марказига айлантириш мақсадида халқаро тажрибага эга мутахассисларни пойтахт ҳокимига маслаҳатчи сифатида жалб этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда пойтахт иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатлари қайд этилди. Сўнгги тўққиз йилда Тошкент шаҳар иқтисодиёти 2,5 баробар ошиб, жорий йил якунига қадар 27 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 4,4 минг доллардан 8,6 минг долларгача кўпайган.
Иқтисодий ўсиш ижтимоий кўрсаткичларга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, камбағаллик даражаси йил бошидаги 7,3 фоиздан 1 фоизгача, ишсизлик эса 4,5 фоиздан 3,5 фоизгача камайиши прогноз қилинмоқда. Натижада Тошкент шаҳрида камбағаллик ва ишсизлик табиий даражага тушиши қайд этилди.


