Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, 9 декабрь куни Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Янгийўл ва Тошкент туманларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан экорейд ўтказилган.
Рейд давомида жами 3222 та объект ўрганилиб, 24 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.
Шунингдек, 25 ноябрдан 9 декабрга қадар ўтказилган қўшимча ўрганишлар якунида 895 та ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилиб, тегишли маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилган.
Атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатганлиги учун қонунчиликка мувофиқ:
- жами 75 та объект, жумладан Тошкент вилоятида 66 та,
- Тошкент шаҳрида 9 та объект 10 иш кунига вақтинчалик фаолиятини тўхтатди.
Бундан ташқари, экологик талабларга риоя этиш мақсадида:
- 37 та иссиқхонада фильтрлар ўрнатилди,
- 6 та иссиқхона газ тармоғига уланди,
- 7 та объект эса газга уланиш учун техник шарт олиш бўйича ариза топширди.


