Шу кунларда Самарқанд яна дунё диққат марказида: Туркий Давлатлар Ташкилотининг навбатдаги саммити ушбу шаҳарда ўтказилмоқда. Ташкилотнинг янги форматдаги илк йиғилиши қандай аҳамиятга эга? Туркий давлатлар биринчи навбатда қайси соҳаларда ҳамкорликни кучайтириши зарур? Zamon.uz сайти шу саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Баҳромжон Сотиболдиевга юзланди.
—Дунё манзараси шиддат билан ўзгариб бораётган, давлатлар ўртасида ўзаро ишончсизлик кучайиб ва баъзи минтақалардаги қонли тўқнашувлар юз бериб турган пайтда Туркий давлатлар ташкилотининг фаоллашуви катта қизиқишларга сабаб бўлмоқда. Ушбу ташкилотга аъзо давлатларнинг келиб чиқиши, тарихи, турмуш тарзи, тили ва диний келиб чиқиши ўхшаш.
Дунё иқтисодиётида инқирозли вазият ортидан анъанавий ишлаб чиқариш занжирларининг узилиши кузатилмоқда. Шундай бир вазиятда ўзаро мулоқотнинг етишмаётганлигини кўриш мумкин.
Жорий ҳолатда ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда иқтисодий лойиҳаларни, саноат кооперацияларини амалга ошириш, янги иқтисодий занжирларни ташкил қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қилинаётган ҳаракатлар ташкилотга аъзо барча давлатлар учун муҳим.
Дунёдаги беқарор вазият фонида ТДТ аъзоларининг ўзаро яқинлашуви уларнинг хавфсиз тараққиётига, иқтисодий ривожланишига ва турли соҳалардаги қўшма лойиҳаларига катта туртки бериши шубҳасиз ҳамда бу жараёнлар халқаро миқиёсда катта қизиқиш уйғотяпти.
Шу билан бирга ТДТ ўртасида қандайдир сиёсий интеграция ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ҳозирда энг муҳим вазифа — амалий ҳаракатларни жадаллаштиришда. Бунда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, бозорларни бир-биримиз учун очиш, янги саноат кластерлари, иқтисодий занжирларни ташкил этиш, технологиялар, маданият ва ёшлар сиёсати масалаларидаги биргаликдаги ҳаракатларни кучайтириш зарур.
Ушбу тарихий саммит Ўзбекистоннинг қарашлари ва ёндашувларини дунёга танитиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.


