Яқин кунларда Ўзбекистонда энергетика бозорини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилади Энергетика вазирлиги томонидан республика энергетика бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш эълон қилинди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатларига хизмат қилувчи ижтимоий ҳимоя чоралари ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Давлат томонидан энергия ресурслари нархларини “шартли субсидиялаш” амалиёти сақлаб қолиниши таъкидланди. Бироқ “шартли субсидиялар”ни тақсимлашда ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш мақсадида “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйлаб амалга киритилади.
Энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси сифатида аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Яъни, муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда сотилади ва бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади.
"Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар табиий газ ва электр энергия тарифларини ижтимоий адолат тамойиллари асосида белгилаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларимиз учун энергия таъминотининг узлуксизлиги ва кўламини кенгайтириш учун замин яратади. Бу борада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Барча фикр ва таклифлар ўрганиб чиқилади", - дейилади хабарда.


