Қайд этилганидек, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгаймоқда, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпаймоқда.
Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Давлат буджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар бевосита халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланадиган Қонунчилик палатаси ваколатига ўтказилмоқда. Бу ўзгариш қуйи палатанинг вакиллик табиатига ва илғор хорижий тажрибага тўла мос келади.
Давлат ҳокимиятининг бир қатор лавозимларига нисбатан айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ ушбу лавозимга сайланиши мумкин эмаслигига оид демократик қоида киритилмоқда.
«Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари уй-жой билан таъминланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб яшашини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши, фуқароларнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги ва бошқалар белгиланмоқда» — Олий Мажлиснинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов


