Ўзбекистонда картошка етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уруғчиликни ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қарорга мувофиқ, 2028 йилдан бошлаб ҳар йили унувчанлиги 85 фоиздан паст бўлмаган камида 10 миллион дона картошка мини-туганаклари етказиб берилади. 2030 йилга бориб эса ҳосилдорликни 16–17 тоннадан 25–30 тоннагача ошириш режалаштирилган.
2026 йилдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали фермерларга йиллик 12 фоиз ставкада, 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга кредитлар берилади. Ушбу маблағлар картошка етиштириш харажатларининг 50 фоизигача молиялаштириш имконини беради.
Шунингдек, 2026 йилдан картошка етиштирувчилар томонидан қуёш панеллари ўрнатиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 50 миллион сўмдан ошмаган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгиланди.


