Ўзбекистонда ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби бўйича ҳукумат қарори асосида янги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ушбу низом орқали фуқароларни Ўзбекистон Қуролли Кучларининг муддатли ҳарбий хизматига танлаб олиш, шунингдек, ҳарбий-техника мутахассисликлар бўйича тайёргарликка жалб этишнинг ягона тартиби белгиланди.
Эндиликда фуқаролар танловда йилига фақат бир марта иштирок этишлари мумкин. Танлов жараёни ҳар йили 10 августдан келаси йилнинг 10 февралига қадар амалга оширилади.
Чақирилувчилар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
Ҳарбий хизматга бўлган қизиқиш ва иштиёқ;
Ҳуқуқбузарлик содир этганлик ёки судланганлик ҳолатлари;
Соғлиги ҳолати ва умумий жисмоний тайёргарлиги;
Билим даражаси ва оилавий шароити.
Умумжисмоний тайёргарлик қуйидаги нормативлар асосида аниқланади:
Турникда тортилиш;
100 метрга югуриш;
3000 метрга югуриш.
Танлов якунида ҳар бир чақирилувчи бўйича “тавсия этилади” ёки “тавсия этилмайди” деган хулоса чиқарилади.
Шунингдек, 1 августдан бошлаб сафарбарлик чақируви резервада (1 ойлик хизмат) қатнашиш учун тўланадиган тўлов миқдори янгиланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 10% га оширилиши натижасида, бир ойлик хизмат бадали 8 миллион 897 минг сўм этиб белгиланди (илгари 8 миллион 85 минг сўм эди).
Қуйидаги рақамлар мазкур тўлов миқдорининг йиллик ўсишини акс эттиради:
2019-йил — 4 млн 40 минг сўм
2020-йил — 4 млн 755 минг сўм
2021-йил — 5 млн 754 минг сўм
2022-йил — 6 млн 440 минг сўм
2023-йил — 6 млн 860 минг сўм
2024-йил — 8 млн 897 минг сўм
Тўловлар бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, йил давомида амалга оширилиши мумкин. Ушбу маблағлар Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги махсус ҳисоб рақамга йўналтирилади ва ҳарбий хизматчилар нафақаси ҳамда техник таъминотни яхшилаш учун ишлатилади.
Фуқаролар 27 ёшга тўлгунга қадар сафарбарлик чақируви резерва хизматига қабул қилиниши мумкин. Улар зарурат туғилганда — масалан, фавқулодда ҳолатлар ёки ҳарбий таҳдидлар юзага келганида — ҳақиқий ҳарбий хизматга жалб қилинади.


