2024 йилдан бошлаб 1-синфларда ахборот технологиялари дарслари йўлга қўйилган бўлса, Кейинги ўқув йилидан юқори синфлар учун сунъий интеллект бўйича дарслар киритилади. Бу ҳақда 9 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бунинг учун 2 мингта синф хонасига компьютер, 6 минг 300 та интерфаол доска зарур бўлади. Ушбу мақсадларга зарур маблағларни кейинги йил давлат бюджетида назарда тутиш вазифаси топширилди.
Иқтидорли ўқувчиларга шароит яратиш учун вилоятларда ахборот технологияларига ихтисослашган Ал-Хоразмий, муҳандислик бўйича Мирзо Улуғбек, табиий фанлар йўналишида Ибн Сино мактаблари филиаллари ташкил этилади. Энди уларнинг барчаси ҳудудлардаги техника олийгоҳларига номма-ном бириктирилади. Яхши натижага эришган битирувчилар ушбу олийгоҳларнинг 2-курсига қабул қилинади.
2026 йилда мактаб ўқувчилари ўртасида энг нуфузли иккита – халқаро кимё ва информатика олимпиадалари Марказий Осиё давлатлари ичида илк бор Ўзбекистонда ўтказилади. Бош вазирга пойтахтда ушбу олимпиадаларни юқори савияда ўтказиш учун барча ташкилий масалаларни назоратга олиш топширилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан халқаро фан олимпиадаларида ўқувчилар 195 та медални қўлга киритди ва уларга оширилган ставка бўйича жами 10 миллиард сўм, мураббий ўқитувчиларига эса 3,5 миллиард сўм пул мукофоти берилиши хабар қилинган эди.


