Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгаши 1953 йилда Швецарияда ЮНЕСКО халқаро кенгаши томонидан ташкил этилган бўиб, унинг асосий мақсади болалар ва ёшлар адабиётини ривожлантириш, мамлакатлар миллий адабиётини халқаро миқёсга кўтариш ва оммалаштиришга кўмаклашишдир. Шу кунга қадар Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзо эмас эди. Ташкилот низомига кўра, ҳар бир давлатда Миллий шўба ташкил этилиши мумкин, фақат бунда ташкилотнинг ўзига яраша шартлари ва тўлов суммаси мавжуд.
Кенгашнинг Ўзбекитон Республикаси Миллий шўбаси АОКА ташаббуси билан ташкил этилди.
Бундан буён Ўзбекистоннинг барча ижодкорлари, жумладан, болалар ёзувчилари, рассомлар ва бошқа китоб соҳасида меҳнат қилувчи инсонлар халқаро конгрессларда иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.
Яна бир жиҳати, ўзбек тилидаги болалар адабиётини ҳам жаҳон миқёсида тақдим этиш, ижодкорларимизни турли хил совринларга, жумладан Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги соврин учун номзодини илгари суриш имконияти пайдо бўлди.
Кенгаш, шунингдек, ҳар икки йилда бир маротаба миллий шўбаларнинг ҳар биридан кўзга кўринган ёзувчилар, иллюстратор-рассомлар ва таржимонларни эътироф қилиш мақсадида уларнинг энг яхши ишларини “Honour List” рўйхатига киритади.
Кенгашнинг барча аъзолари учун алоҳида аҳамиятга эга воқеа бу ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Халқаро болалар адабиёти кенгашининг Бутунжаҳон конгрессидир. Миллий шўбага эга ҳар бир давлат Халқаро конгресс мезбони бўлиш имконига эга ва мамлакат мезбонликка ариза бергач, кенгаш ижроия қўмитаси аъзолари томонидан овоз бериш йўли билан аниқланади. Демак, бундай имконият Ўзбекистон Республикаси Миллий шўбасида ҳам мавжуд.
2022 йилги Кенгаш Конгрессига Малайзия давлати мезбонлик қилади. Ушбу конгрессда бу йил Ўзбекистон ҳам қатнашади.


