Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлиги раиси Беҳзод Мусаев ва Швеция миграция вазири Ёхан Форсселл ўртасида Тошкентда миграция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот якунида икки мамлакат ўртасида қўшма декларация имзоланди, дея хабар бермоқда Миграция агентлиги матбуот хизмати.
Учрашув давомида ноқонуний миграциянинг олдини олиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳамда шаффоф ва тартибга солинган миграция тизимини яратиш масалалари муҳокама қилинди. Швеция томонининг билдиришича, мамлакатда транспорт, қурилиш, тиббиёт, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида малакали кадрлар танқислиги кузатилмоқда.
“Ўзбекистон бу бозор учун зарур малакали мутахассисларни тайёрлаш салоҳиятига эга”, — дейилади агентлик баёнотида.
Томонлар қурилиш, логистика ва тиббий хизмат йўналишларида иш берувчилар эҳтиёжларига мос ҳолда ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг Швецияда меҳнат фаолиятини ташкил қилиш бўйича пилот лойиҳаларни йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, марказлаштирилган рақамли ахборот платформасини яратиш бўйича музокаралар ўтказилди.
Қўшма декларация икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ахборот алмашинуви ва консуллик кўмагини кучайтириш, энг асосийси — ноқонуний миграцияни чеклашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Швеция Миграция вазири Ёхан Форсселл учрашувда: “Имзоланган тарихий ҳужжат Ўзбекистон–Швеция алоқаларини янги босқичга олиб чиқади. Мамлакатингизда илк бор бўлишимга қарамай, жадал ривожланаётган иқтисодий муҳит ва кенг имкониятлар менга кучли таассурот қолдирди” дея таъкидлади.


