Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — “Судлар мустақиллиги кафолатларини янада мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида соҳага доир муҳим янгиликлар ўз ифодасини топмоқда.
Хусусан, судлар раисларининг маҳаллий Кенгашларга бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши ҳақидаги қоида бекор қилинмоқда. Шу муносабат билан судларга ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўлақонли таъминланиши учун кафолатлар янада мустаҳкамланади. Шу билан бирга, судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишининг олди олиниб, жамиятнинг судлар фаолияти тўғрисида мунтазам ахборот олиб бориши учун қатъий ҳуқуқий асос яратилади.
Айни пайтда Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ушбу қонун лойиҳаси қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилиши учун режалаштирилмоқда.


