Аҳоли орасида профилактик ишларни кучайтириш, ҳуқуқбузарлик содир этганларни эса қилмишига яраша жазолаш мақсадида халқаро стандартларни ўз ичига қамраб олган, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари кафолатларини кучайтирувчи янги қонун имзоланди.
Эндиликда эр ёки хотин ўз турмуш ўртоғининг ўз ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган бўлса ёки таҳқирласа, қўрқитса, яқин қариндошлардан ажратиб қўйса қилмишнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади.
Масалан, шахс ўз турмуш ўртоғини ҳақоратлаб, қадр қимматини таҳқирласа 6 млн сўм жаримага тортилади, ғаразли ниятлар билан калтаклаб, баданига оғир тан жароҳати етказса 12 йилга озодликдан маҳрум қилинади.
Ўз яқинлари, ёши кичик ёки ногиронларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятларнинг содир этилиши, уларнинг тажовузкордан ҳимояланиш имконияти чекланганлиги сабабли алоҳида хавфлилик даражасига эга.
Аммо, қонунчилик бундай қилмишларини алоҳида оғирроқ жазони назарда тутувчи модда билан малакалаш учун етарли имкониятларга эга эмас эди.
Янги қонун билан шахс нафақат амалдаги турмуш ўртоғи ёки яқин қариндошига, балки собиқ турмуш ўртоғига, бир рўзғор асосида бирга яшаётган ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга, ногиронга ёхуд ўзига ўқитиш ёки тарбиялаш учун топширилган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик қиладиган бўлса унга оғирроқ жазо, яъни илгаригидай 3 йилдан 7 йилгача эмас, балки 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланди.


