Қирғизистонда 1 сентябрдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар тўхташ жойида тезкор билим синовидан ўтказилади. Агар ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг саволларига тўғри жавоб бера олмаса, унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси вақтинча олиб қўйилади.
Бу ҳақида Қирғизистон президенти матбуот котиби Асқат Алагозов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ташаббус президент Садир Жапаров топшириғи билан амалга оширилмоқда ва йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш мақсадини кўзлайди.
Ҳайдовчи исталган вақтда «Унаа» давлат агентлиги орқали тест топшириб, гувоҳномасини қайтариб олиши мумкин. Агар биринчи уриниш муваффақиятсиз бўлса, у кейинчалик қайта топшириш имкониятига эга бўлади.
Бироқ қайта топшириш бепул эмас: 1-уриниш – 500 сом (тахминан 75 минг сўм); 2-уриниш – 1 000 сом (тахминан 151 минг сўм); 3-уриниш – 2 000 сом (тахминан 302 минг сўм); 4-уриниш – 4 000 сом (тахминан 604 минг сўм).
Алагозовнинг таъкидлашича, тест жараёни видеотасвирга олинади, бу эса шаффофликни таъминлаш ва инспекторларни ноҳақ айблашнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қирғизистон расмийларининг маълумотларига кўра, 2020 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномаларининг катта қисми қонунбузарлик йўли билан берилган. Кўпчилик ўқиш ўрнига пул эвазига гувоҳнома олган.
Ҳозир бундай амалиёт тўхтатилган бўлсада, йўлларда асосий қоидалардан бехабар ҳайдовчилар ҳали ҳам учраб турибди. Шу сабабдан ҳукумат ҳайдовчилар билимини қатъий назорат остига олишга қарор қилган.
Бу янгилик ҳайдовчилар орасида турлича муносабат уйғотмоқда. Айримлар уни йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш йўлида муҳим қадам деб ҳисоблаётган бўлса, бошқалар бу қўшимча қийинчилик ва харажат эканини айтиб, норозилик билдирмоқда.


