Ўзбекистон ва Туркия ўртасида қонуний ва хавфсиз меҳнат миграциясини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим келишувларга эришилди. Ўзбекистон Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ҳамда Туркия Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазири Ведат Ишихон ўртасида бўлиб ўтган стратегик учрашувда Туркияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув якунларига кўра, Туркияда камида уч йил давомида доимий яшаган Ўзбекистон фуқароларига 1 мартдан бошлаб илк бор иш рухсатномаларини бериш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланди. Шунингдек, илгари Туркияда ноқонуний бўлган, аммо ҳозирда ушбу мамлакатда яшаётган Ўзбекистон фуқароларини депортация қилмасдан қонунийлаштириш амалиётини давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар, бундан ташқари, Туркия Меҳнат вазирлиги қошидаги İŞKUR ташкилоти орқали мамлакат меҳнат бозорида энг талаб юқори бўлган касблар рўйхатини марказлаштирилган тарзда шакллантириш ва ушбу маълумотларни Ўзбекистон Миграция агентлигига тақдим этишни назарда тутувчи шартнома имзолашга келишиб олдилар.


